Маъноси: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади айтадиларки: Бир мажлиснинг ўзида Пайғамбар алайҳиссалом туриб кетишларидан аввал юз марта Раббим! Мени мағфират қил! тавбамни қабул эт! Албатта сен тавбаларни қабул қилгувчи ҳамда кечирувчи зотсан . дер эдилар. Изоҳ: Дастлаб зикрнинг фазли ҳақида баҳс юритганимизда бир жамоат бир ерга ўтириб у ерда Оллоҳни зикр қилмасалар, бу улар учун интиқом бўлишини ифода этадиган ҳадисларнинг талайгинаси билан танишган эдик. Бу ҳадисларни бизларга таълим қилган зот ҳаммадан ҳам кўра амал қилгувчироқ эдилар. Баъзи ривоятларда мен ҳар кунида Оллоҳга етмиш марта истиғфор айтаман! -деган эдилар. Баъзи саҳобаларга эса тилинг Оллоҳнинг зикри билан нам бўлсин. Асло толмасин! –деб васият қилган эдилар. Суютий раҳматуллоҳ фатво китобларида ансорий саҳобаларнинг биридан ривоят қилишларича, у киши Пайғамбар алайҳиссаломни чошгоҳ намози ўқиётиб Раббим! Мени мағфират қил! тавбамни қабул эт! Албатта сен тавбаларни қабул қилгувчи ҳамда кечирувчи зотсан! –деб дуо қилганликларини ҳатто бу дуони юз мартага етказганликларини кўрган экан.