Маъноси: Парвардигоро! Менга таом берган кишини ўзинг таомлантир ва сув ичирган кишини ҳам ўзинг сув ичиргин . Изоҳ: Имом Аҳмаднинг Муснад ларида Миқдод ибн ал-Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтадиларки: Мен икки ўртоғим билан Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келдим. Биз жуда ҳам оч қолган эдик. Одамларга ўзимизни меҳмон қилишармикан деб рўпара қилдик. Ҳеч ким бизга илтифот қилмади. Кейин эса Пайғамбар алайҳиссалом бизларни уйларига олиб кетдилар. У зотнинг тўрта эчкилари бор экан. Менга эй Миқдод! Буларнинг сутини тўрт қисмга бўлиб олиб кел! –дедилар. Мен ана шундай қила бошладим. Бир кеча Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кеч қолдилар. Мен Пайғамбар алайҳиссалом бирор бир ансорийнинг уйида меҳмон бўлиб тўйиб овқатланиб, сувдан ҳам қониб ичиб олгандирлар! –деб ўйладим-да у зотнинг сутдан улушларини ичиб қўйсаммикан! –дедим. Шундай ўйимда бўлавердим, ҳатто ўрнимдан туриб сутнинг олдига яқинлашдим, кейин ичиб қўйдим. Сўнг қадаҳни оғзини маҳкамлаб қўйдим. Қилар ишни қилиб бўлганимдан кейин, мени у зот келиб қолсалар нима бўлар экан деган ваҳима босди. Пайғамбар алайҳиссалом оч келсалар ҳеч вақо топа олмайдилар деб қўрқиб кетиб, устимни ўраб ётиб олдим. Ётган ҳолимда ҳам фақат ўша ўй билан машғул бўлдим. Тўсатдан Пайғамбар алайҳиссалом кириб келдилар. Уйғоқ киши эшитса бўладиган, ухлаётган эшитмайдиган паст овозда салом бердилар. Кейин эса қадаҳ олдига келиб унинг оғзини очган эдилар. Унинг ичида ҳеч нарса кўринмади. Кейин эса Парвардигоро! Менга таом берган кишини, ўзинг таомлантир ва сув берган кишини ҳам ўзинг сув ичиргин! –дедилар. Мен бу дуони ғанимат билиб дарҳол ўрнимдан туриб, катта пичоқни олдим. Сўнг эчкилар олдига бориб улар орасидан семизини излай бошладим. Қарасам уларнинг ҳар бирининг йилини сутга тўлиб кетибди. Уларни соғиб қадаҳни тўлдириб Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига олиб келдим. Кейин ё Росулуллоҳ! Ичинг –дедим. У зот бошларини кўтариб, менга нима иш қилиб қўйдинг? қани айтчи! –дедилар. Мен аввал ичинг кейин айтаман! –дедим. Пайғамбар алайҳиссалом тўйиб ичдилар. Сўнг менга ҳам бердилар, мен ҳам ичдим. Кейин эса қани бўлган ишни айтчи! –дедилар. Мен ҳамма ҳодисани айтиб бердим. Шунда у зот бу осмондан тушган барака! Эртароқ айтмабсанда? қолган икки соҳибимизга ҳам сут ичирардик! –дедилар. Мен сиз билан менга барака насиб қилинган бўлса, бошқаларга етиши мен учун муҳим эмас! –дедим.