Маъноси: Эй Илоҳим! Уларга берган ризқингни баракотли қилгин ва уларни мағфират этиб, раҳм айлагин . Изоҳ: Имом Муслимнинг Саҳиҳ ларида Буср розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаалом маркабнинг жиловини ушлаганларида ҳақимизга дуо қилинг деган эканлар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом ушбу дуони айтган эканлар. Баззорнинг сунанларида эса ҳадис батафсилроқ ривоят қилинади. Абдуллоҳ ибн Буср ал-Суламий айтадилар: Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом отамнинг олдиларидан хачир миниб ўтиб қолдилар. Отам дарҳол хачирнинг жиловидан ушлаб ё Росулуллоҳ! Бизникида меҳмон бўласиз! –дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом меҳмон бўлиб тушдилар. Отам ҳайс –бу калимани аввалда шарҳи ўтди- олиб келдилар. Пайғамбар алайҳиссалом ундан танавул қилдилар. Сўнг отам ҳурмо олиб келдилар. Пайғамбар алайҳиссалом ундан ҳам ея бошладилар. Ҳурмони еб унинг данагини бармоқ учига қўйиб улоқтирар эдилар. Ровийлардан Шўъба исмлик киши икки бармоқларини бир-бирига ёпиштириб кўрсатиб бердилар. Сўнг отам шароб-сув олиб келдилар. Пайғамбар алайҳиссалом сувни ичиб бўлиб, ўнг томонларидаги кишига бердилар. Кейин эса ушбу дуони айтдилар .