Маъноси: Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: Агар киши бемор бўлган мусулмон биродарининг ҳолидан хабар олиш учун борса, гўё у, касалнинг олдига келиб ўтиргунча жаннат боғчасида юргандек бўлади. Агар унинг олдида ўтирса, уни раҳмат қамрайди. Агар зиёрати эрталаб бўлган бўлса, унга етмиш минг малоика тонгга қадар салавот айтадилар. Агар зиёрати кечқурунда бўлса, унга етмиш минг малоика кеч киргунгача салавот айтадилар . Изоҳ: Ҳадиснинг шарҳида Ҳаравий раҳматуллоҳ айтадиларки: Боғдан мақсад меваси пишишга яқин қолган ҳурмо боғига ўхшатишдир. Абу Бакр инб Ал-Анборий эса Пайғамбар алайҳиссалом зиёрат қилгувчи кишини касал кўришдан йиғиб оладиган ажрлар учун боғга ташбеҳ қилганлар! –дейдилар. Баъзилар эса бундан мақсад йўл яъни жаннатга олиб борувчи йўл, чунки бу яхши амал туфайли киши жаннатага киришга муяссар бўлади. Чунки бошқа ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: Кимики касални зиёрат қилса, осмондан бир нидо қилгувчи: Пок бўлдинг! қадаминг ҳам пок бўлди ва жаннатдан ўрнингни олдинг! -деб нидо қилади. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом касал бўлган саҳобаларни тез-тез зиёрат қилиб турардилар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга қулоқ солайлик, у зот дедилар: Пайғамбар алайҳиссалом мени хачир ҳам от ҳам минмай пиёда келиб зиёрат қилган эдилар . Зайд ибн Арқам эса кўзим оғриб қолганда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мени зиёрат қилган эдилар! –дейдилар. Ҳатто бир яҳудий бола касал бўлиб қолганда ҳам зиёрат қилган эдилар. Уни олдига кириб, уни исломга киришини таклиф қилганларида у исломни қабул қилган эди. Шунингдек амакилари Абу Толиб касал бўлиб қолганда ҳам зиёратига борган эдилар. Кейин эса уни шаҳодатни нутқ қилишга даъват этган эдилар. Лекин у қабул қилмаган эди. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларидан келганича ибодатга ошиқар эдилар. Гоҳида касални ҳар куни ҳам зиёрат қилаверардилар. Гоҳида эса ҳафтада бир бор зиёрат қилар эдилар. Гоҳида касалнинг бошида ўтириб, унинг аҳволини сўраб, у иштаҳо қилган нарсани олиб келардилар. Баъзан касалнинг бошига қўлларини қўйиб Эй одамларнинг Раббиси! мусибатни кетказ! Ва шифо бер! сендирсан шифо бергувчи! Сендан ўзгаси шифо бера олмас, сенинг шифоинг ҳеч қандай касални қолдирмас! – дер эдилар. Баъзан исмини зикр қилиб ҳам айтар эдилар. Бир марта Саъд розияллоҳу анҳуга, Эй Илоҳим! Саъдга шифо бер! –деган эдилар. Гоҳида касаллик каффорот бўлсин! Поклик бўлсин! –дер эдилар. Лекин зиёрат учун бир кунни тайин қилмаганлар. Балки уммат учун ҳар қандай муносиб фурсатда зиёрат қилишни шаръий қилиб берган эдилар. Баъзан эса касалнинг пешонасига қўлларини қўйиб, сўнг кўкрагини, қорнини ва юзини силаб, Эй Илоҳим! Бунга шифо бер! –дер эдилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу феъллари касални кўриш исломда аҳамияти жуда улуғ эканлигига ва бу зиёрат касалнинг мусулмон биродарлари устидаги вожиби эканлигига далилдир. Бундан ташқари касални зиёрат қилиш, касалнинг биродарлари устидаги ҳаққи эканлигига далолат қилувчи ҳадислар ҳам талайгинадир.