Пайғамбар алайҳиссалом Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга шундай дам солар эдилар: Мен сизларга Оллоҳнинг мукаммал калималари ила ҳар бир шайтондан ва зарарли ҳашаротлардан, ҳамда ёмон кўздан асрашини тилайман . Изоҳ: Бу ҳадис Имом Бухорийнинг Саҳиҳ ларида ривоят қилинган. Кўз тегиши нафақат ёш болаларга хос бўлибгина қолмай, балки катталар ҳам бу балодан омонда бўлмайдилар, магар дуо-зикр ва дам солиш йўли билан сақланиб қоладилар. Кўз тегишидан сақланиш ҳақида Пайғамбар алайҳиссаломдан кўплаб саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳларида Оиша онамиздан ривоят қилинишича, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўздан сақланиш учун дам солишимга буюрардилар, ёки буюрдилар! -деб марҳамат қиладилар. Имом Аҳмад ва Абу Довуд Имрон ибн Ҳусайндан ривоят қилган ҳадисда, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дам солиш фақатгина кўз тегишидан ёки истимадан бўлади! -деган эканлар. Лекин уламолар бу сўзнинг мазмуни яъни шифода дам солишдан кўра афзали йўқ демакдир! –деб шарҳ қиладилар. Имом Муслим саҳиҳ ларида мана бундай лафз билан ривоят қиладилар: Оллоҳнинг исми ила сенга дам соламан, сенга азият бераётган ҳар қандай касалликдан ва ҳар бир жон ҳамда ҳасадчи кўзнинг ёмонлигидан дам соламан. Оллоҳ сенга шифо берсин, Оллоҳнинг исми ила сенга дам соламан . Яна Муслимнинг ривоятларида: Оллоҳнинг исми ила саломат бўлгин, ҳар бир касалликдан ва ҳасад қилаётган ҳасадчининг ёмонлигидан ва ҳар бир ёмон кўздан шифо берсин . Уламолар айтадиларки: Кўздан сақланиш учун энг афзал васила қуръон ўқиб дам солишдир. Саҳиҳул Бухорий ва Саҳиҳул Муслимда Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, айтадиларки: Пайғамбар алайҳиссалом Умму Саламанинг уйида бир жориянинг юзида касаллик сезиб қолиб, жорияга кўз тегибди, унга дам солиб қўйинглар! –дедилар . Албатта дам солиш қуръон билан бўлади. Кўзи теккан кишининг ғусл қилган сувини олиб унда ғусл қилишнинг ҳам таъсири катта. Яъни кўзи теккан киши ғусл қилиб, баданидан оққан сувни касал кишига олиб келади. Бемор у сувни бошидан қуяди. Бунга далил Абу Умома инб Саҳл ибн Ҳанифдан ривоят қилишларича: Омир ибн Робиа Саҳл ибн Ҳанифни чўмилаётганини кўриб қолади. Кейин у мен бугунги кунда кўрганимдек, чиройли баданни кўрмаганман! –дейди. Шу гапдан сўнг Саҳл касал бўлиб қолади. Уни Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келиб, ё Росулуллоҳ! Бу касал бўлиб қолди дейишди. Пайғамбар зот бировдан гумонинглар борми? –дедилар. Саҳобалар ҳа! Омирдан шубҳа қилаяпмиз дейишди. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Омирни чақиртириб, унга танбеҳ бердилар ва нима учун бирингиз биродарини ўлдиради! Барака тиласа бўлмайдими? –деб, сўнг унга ғусл қилиб бер! -дедилар. Омир юзини, икки қўлини, тирсак ва тиззаларини, оёқ бармоқларини ва изорининг ичини ҳам бир қадаҳ идишда сув олиб ювиб берди. Кейин эса у сувни бошидан қуйган эдилар. У гўё касал бўлмагандек кучга кириб, одамлар билан яна йўлга тушиб кетди . Бу ҳадисни Имом Молик ва Аҳмад ривоят қилганлар. Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз айтадиларки: кўзи теккан киши таҳорат олиб, сўнг унинг сувидан кўз теккан киши ғусл қилишига буюрилар эди . Баъзи уламолар бу ғуслнинг ҳукми вожибдир! -дейдилар. Бу ерда манашу масала остига дохил бир масалани ҳам зикр қилиб ўтамиз, у масала идишларга оятлар ёзиб, сўнг унга сув қуйиб ичиш масаласидир. Бу масалади уламолар икки хил фикрга келганлар бирлари бу дуруст эмас, шариатга бегона десалар. Иккинчилари жоиз буни ҳеч қандай зарари йўқ! –дейдилар. Далиллари эса Оиша онамиздан келган бир асар бўлиб, асарда айтиладики: Оиша онамизда Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак сочлари бор эди. Агар биров касал бўлиб қолса, ўша сочларни бир идишда сувга ботириб, кейин ўша сувни касал ичиб шифо топиб кетарди. Модомики Пайғамбар алайҳиссаломнинг сочлари шифо учун ишлатилган бўлса, қуръон ўқиб дам солиш аълороқдир. Бундан ташқари Оллоҳ таоло қуръонни шифодир! -деб марҳамат қилган. Абу Довуднинг яна бир ривоятларида Пайғамбар алайҳиссалом бир идишга дам солиб, сўнг уни касалнинг бошидан қуйдилар! -деб ҳам келган. Мана шундай далилларга таянган ҳолда баъзи уламолар бундай қилиш жоизлигини қўллайдилар.