Витр намозида ўқиладиган қунут дуолари.

1

Маъноси: Парвардигоро! Мени, сен ҳидоят қилганлар қатори, ҳидоят қил! Ва офият ато қилганлар қатори, менга ҳам офият бер, ўзингга дўст тутганлар қатори, мени ҳам дўст тутгил! Ва менга берган неъматларингни, баракотли қил! Қазои ҳукмларингни ёмонларидан ўзинг мени асрагин! Албатта сен, -бутун коинот устидан- ҳукм қилгувчидирсан! Сенга биров –қаршингга- ҳукм қила олмас. Сен дўст тутган кимса, ҳаргиз хор бўлмас! Сен душман тутган кимса, ҳаргиз азиз бўлмас. Эй Раббимиз! сен баракотли ва олийдирсан . Изоҳ: Бу ҳадис Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бўлиб, ҳадиснинг охирида шундай дейдилар: Менга бобом Саллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуони ўргатиб қўйдилар . Ҳадиснинг шарҳида уламоларнинг изоҳларидан баъзиларини келтирамиз, улар айтадиларки: Мени ҳидоятдагилар сафига киритгин, худди Сулаймон алайҳиссалом қилган дуодек у зот Намл сурасида мени раҳматинг ила солиҳ бандаларинг қаторига киритгин! -деган эдилар. Офиятни насиб қил ва офият ато қилганлар сафига қўш! Офият ҳар бир офату балодан саломат қилмоғидир. Валийларинг қатори мени ҳам валий яъни дўст тутгил! Ва менга ҳар бир берган нарсаларда баракани насиб қил!Бу баракани ҳар бир менга ато қилган саломатликми, молу давлатми, илму маърифатми жамики менга насиб қилган неъматларингда баракани инъом этгил! Ва ҳар қандай хатар ва ёмонликлардан ҳар кунида нозил қилаётган зарарлардан ўзинг асра! Пайғамбар алайҳиссаломдан бошқа бир ҳадисда қадарни фақатгина дуо қайтаради, умрни эса фақатгина яхшилик узоқ қилади! –деб марҳамат қиладилар. Оллоҳ Сен барча нарсани қазои қадарини белгиловчисидирсан. Сенинг қазо ва ҳукмларингни ҳеч ким қайтара олмас. Сен дўст тутган киши азиз бўлиб, уни ҳеч ким хор қила олмас. Кимда ким Оллоҳга душман бўлса, у ҳаргиз азиз бўлмас, гарчи дунёда унга бир оз бойлик ва қулайлик берилган бўлсада абадий ва ҳақиқий иззатга мушарраф бўлмайди. Чунки ҳақиқий иззат тоат ила топилади. Сен Муборак ва олийдирсан! Албатта бу дуони Оллоҳ таолодан ўзгага айтилмайди. Ва лойиқ ҳам эмас. Бу ҳадис жавомиул калим етук балоғатли бўлган ҳадислар туркумига киради. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом набиралари Ҳасан розияллоҳу анҳуга ўргатган сўзларнинг аввалги бештаси дуо, кейинги тўртаси эса Оллоҳ таолога санодир .

2

Маъноси: Эй! Парвардигоро! Мен ризолигинг билан ғазабингдан паноҳ сўрайман, офиятинг ила азобингдан паноҳ тилайман, мен сендан, менга бўладиган –ғазабингдан – паноҳ беришингни сўрайман. Сенга бўлган сано-мақтовнинг саноғига ета олмайман. Сен ўзингга сано айтганинг кабидирсан . Изоҳ: Имоми Муслимнинг саҳиҳ тўпламларига бўлган шарҳлардан бирида Имом Абу Сулаймон Хаттобийнинг бу ҳадисга берган изоҳларини келтирилади. У зот айтадиларки: Бу дуода гўзал маъно бор. У маъно шундан иборатки Пайғамбар алайҳиссалом Оллоҳ таолодан Унинг ризолиги ила ғазабидан паноҳ беришини, офияти ила азобидан паноҳ беришини тиладилар. Ваҳоланки ризо билан ғазаб бир-бирига қарама-қарши нарсадир. Шунингдек офият билан азоб ҳам бир-бирига зиддир. Оллоҳнинг ўзидан паноҳ сўрашга келганда эса, унинг ҳеч қандай тенгги бўлмаганлиги учун, Оллоҳнинг ўзидангина паноҳ тиладилар. Дуода ибодатларни тўла-тўкис бажара олмаганликдан истиғфор айтилмоқда. Сенга бўлган сано-мақтовнинг саноғига ета олмайман яъни бунинг уддасидан чиқа олмайман, тоқат ҳам қила олмайман. Молик раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: Сенинг неъмат ва эҳсонларингни ва сен ҳақли бўлган саноларнинг ҳисобига ета олмайман. Сен ўзингга сано айтганинг кабидирсан! Яъни банда бу сўзи билан ўзининг қосирлигини, санонинг ниҳоясига ета олмаслигини тан олади. Шунинг учун буни Оллоҳнинг ўзига топширади. Чунки ҳар қанча Оллоҳга санолар, мақтовлар ва ҳамдлар айтилмасин унинг ниҳоясига ҳаргиз етиб бўлмайди .

3

Маноси: Эй! Илоҳим! Биз фақат Сендан ёрдам сўраймиз ва Сендан мағфират тилаймиз. Сенга иймон келтирамиз, Сенга таваккул қиламиз, Сенга яхши санолар айтамиз, Сенга шукр қиламиз, Сенга кофир бўлмаймиз, Сенга бўйин эгамиз ва Сенга кофир бўлган кимсаларни тарк қиламиз, Илоҳим! Биз Сенгагина ибодат қиламиз, Сенгагина намоз ўқиб, сажда қиламиз ва Сенгагина сайи ҳаракатлар қилиб, Сен томон ошиқамиз. Раҳматингдан умидвормиз, азобингдан эса қўрқамиз. Албатта азобинг, кофирларга етгувчидир. Изоҳ: Бу ваъдага чуқурроқ эътибор беринг! Ҳар кеча Эй Оллоҳ мен фақатгина сендан ёрдам сўрайман ва сенгагина истиғфор айтаман деб сўнг бошқага ибодат қилса киши ёки бошқадан ёрдам сўраса, яъни Оллоҳдан бошқаси қодир бўлмайдиган ишларда ундан ўзгасидан ёрдам сўраса ёки бошқасига иймон келтирса, бошқасини мақтаб унга мадҳлар ўқиса, неъматлар соҳиби унитилиб бошқаларга миннатдорчилик билдирилса, ва ҳақ зотга ношукурлик қилинса, қолган ваъдаларни ҳам ҳар куни кечаси айтиб, сўнг бу ваъдага хилоф қилиб юрилса, ва кимга ваъда берилганига ҳам парво қилинмаса, кулгили ҳолат эмас бу? Оллоҳ ўзи ҳидоят берсин ва бундай ваъдавозликдан ўзи асрасин.

Zaker copied