Саломдан аввал охирги ташаҳуддан сўнг ўқиладиган дуолар.

1

Эй Илоҳим! мени қабр азобидан, дўзах азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан ва масиҳи дажжолнинг ёмон фитнасидан ўзинг асрагин . Изоҳ: Банда ўлиб, қабрга киргандан кейин унга роҳату фароғат ёки азобу уқубат борлиги аниқдир. Агар унга қабрда азоб бўлмас экан, албатта охиратда ҳам омонда бўлади. Аммо қабрда азобга грифтор бўлар экан, демак охиратда ҳам аҳвол чатоқ. Раҳмли ва меҳрибон бўлган зот Оллоҳ барчаларимизни ўзи асрасин! Баъзи уламоларнинг айтишларига қараганда ҳадисда аввало қабр азобидан паноҳ тилашнинг сабаби ҳам ана шунда бўлса керак! яъни қабр азобидан омонлик сўраб, шунга етган банда охиратдаги азобдан ҳам саломатда бўлади! валлоҳу аълам. Масиҳ Дажжол қиёматнинг катта аломатларидан бири бўлиб, у ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломдан кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. У зот айтганларки: Масиҳи дажжолдан ҳар бир ўтган пайғамбар умматини огоҳлантирган! Мен ҳам сизларни унинг фитнасидан огоҳлантираман. Билиб қўйингларки, у бир кўзликдир. Билингларки, Раббингиз ундай эмас! Бошқа ҳадисларда эса у бир кўзи қуриб қолган узумга ўхшаса, иккинчиси бўртиб чиқиб қолганлигини ифода қилинган. Унинг энг катта ва даҳшатли фитналаридан бири у худоликни даъво қилади. Кимларгадир ўзини худо деб тан олдириш мақсадида унинг ерига ёмғир ёғдириб экинини униб ўстириб юборса, кимларнидир ёмғирдан маҳрум қилиб ерини қурғоқчиликка гирифтор қилади. Одамларга жаннат ва дўзахни кўрсатади, лекин унинг жаннати дўзах, дўзахи эса роҳат бўлади. Бундай мудҳиш воқеани шоҳиди бўлган иймони заиф, шариат таълимотларидан йироқ ҳаёт кечираётганлар дарҳол унга иймон келтирадилар ва уни худо деб тан оладилар. Оллоҳ ўзи асрасин! Шуни ҳам айтиб ўтиш ўринлики, Оллоҳ таоло бандаларига ҳоҳлаган имтиҳонини беради. Бу борада ҳеч қандай махлуқ нимага бундай деб савол қилиши мумкин эмас. Дажжолга мана шундай ғайри табиий кучларни бериб бандаларини имтиҳон қилиши ҳам ўзининг илоҳий ҳикматидан ўзга маъно эмас.

2

Эй Илоҳим! Менга қабр азобидан, масиҳи дажжол фитнасидан, тириклик ва ўлим фитнасидан паноҳ бергин! Эй Раббим! Мени гуноҳ ва қарз балосидан ўзинг асрагин . Изоҳ: Саҳиҳи Бухорий нинг шарҳида Ибн Баттол Раҳимаҳуллоҳ бу ҳадис ҳақида шундай марҳамат қиладилар: Оиша онамиздан ривоят қилинишича бир киши Пайғамбар алайҳиссаломга намунча қарз балосидан паноҳ сўрайсиз Ё Росулуллоҳ! -деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом айтдиларки: Киши қарздор бўлса ёлғон гапиришга ружуъ қилади, ваъда қилса хилоф қилади . Муҳаллаб исмли олим айтадиларки: Бу ҳадисдан ана шундай ёмон ҳолатларга олиб боргувчи амаллардан сақланмоқ вожиблиги келиб чиқади. Чунки қарз кишини ёлғончиликка, ваъдага хилоф қилишликка олиб боради ва қарз берган шахс тарафидан ҳақоратларни эшитиб, ўзини хор ҳолатга солади. Ана шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом қарз балосидан паноҳ тилаган эдилар. Валлоҳу аълам . Лекин бу ҳадисга маъноси тамоман зид ривоят қилинган бошқа бир ҳадис бор. У ҳадис Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: Албатта Оллоҳ таоло қарздор билан биргадир то қарзини узгунча, модомики, Оллоҳ ёмон кўрган ишларни қилиш учун қарз олмаган бўлса . Абдуллоҳ ибн Жаъфар айтар эканларки: Эй Ҳориса!Бор менга бир қарз олиб келгин. Чунки мен бирор кечани ҳам Оллоҳдан холи ҳолатда ўтказишни ҳоҳламайман . Бу икки қарама-қарши ҳадисларни қандай изоҳлаш мумкин деган савол туғулиши мумкин. Тобарий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: Бу икки хабар ҳам саҳиҳ бўлиб уларнинг бири иккинчисига зид эмас. Оллоҳ қарздор билан бирга бўлади деган ҳадиснинг мазмуни қарзни ўташ мақсадида олган ва одатда қарзни адо этиш учун эвази бўлган ҳамда маъсият учун ишлатмайдиган одамдир. Аммо паноҳ тиланган қарз эса уч мақсадда олинган қарзлардир. Уларнинг бири Оллоҳ хушламайдиган йўлларда сарф қилиш учун қарз олиб, кейин қарзни адо қила олмайдиган кишидир. Иккинчиси ёмон мақсадда қарз олмайди-ю, лекин уни адо қилишни уддасидан чиқишга кўзи етмайдиган киши бўлиб, у биродарининг молини кўкка совуради холос. Учинчиси эса қарзни ўташга ақли ета туриб уни қайтариб бермасликка ва бутунлай инкор қилишликка ният қилиб олади. Бу албатта Оллоҳга осий ва ўзига жабр қилгувчидир. Хуллас, учови тоифа ҳам агар ваъда берсалар ваъдага хилоф қиладилар. Сўзласалар ҳам ёлғон гапирадилар. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом қарз олганликлари ҳақида ҳам ривоятлар йўқ эмас албатта. Шунингдек саҳобаи киромлар ҳам қарз олганлар. Масалан Умар ибн Хаттоб халифа бўла туриб қарз олган эдилар. Шаҳид қилинган вақтларида мени қарзларимни ҳисоб-китоб қилингларчи қанча экан -деган эдилар. Саҳобалар қарзларини ҳисоб қилсалар саксон минг ёки ундан ортиқроқ чиққан экан. Зубайр розияллоҳу анҳунинг ҳам вафот қилган пайтларида қарзлари кўп бўлган экан. Бу ҳақда Имоми Бухорий раҳимаҳуллоҳ хабар берганлар. Демак қарз олиш масаласининг ҳукми қарз олгувчи шахсларнинг ҳолат ва ниятларига қараб тайин бўлар экан .

3

Эй Илоҳим! мен ўзимга кўп жабр қилдим. Гуноҳларни фақат ўзинг мағфират қилурсан! Ўзингнинг ҳузурингдан мени мағфират айла! Ва менга раҳм қил! Зеро сен кечургувчи ва раҳмли зотдирсан . Изоҳ: Саҳиҳи Бухорий нинг шарҳловчиларидан бири Бадриддин Айнийнинг Умдатул қорий деб номлаган шарҳларида келишича Кирмоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳадиснинг изоҳида шундай марҳамат қиладилар: Бу ҳадис кўпгина гўзал мазмунларни ўз ичига олган жавомул калимдандир. Чунки бу дуо билан банда ўзининг ниҳоят даражада қосирлигини ҳамда чексиз золим эканлигини эътироф қилади, сўнг улкан неъматни тилайди ва у ҳам бўлса мағфирату раҳматдир. Зеро мағфират гуноҳлар учун парда бўлса, раҳмат эса жамики яхшиликларга етакловчидир. Бошқача қилиб айтганда, аввалгиси дўзахдан йироқ қилгувчи бўлса, иккинчиси жаннатга киргизувчидир. Мана шу энг катта саодат ва улуғ ютуқдир. Парвардигоро! Эй кароматлар соҳиби бўлган Оллоҳ! бизларни ана шундай зафарларга фазли караминг ила мушарраф қилгин .

4

Илоҳим! мени ўтмиш ва келажакдаги, ҳамда, сиру ошкор гуноҳларимни ва исрофларимни ва сен мендан кўра яхшироқ биладиган мендаги –гуноҳларимни- афв қилгин! Сен аввал қилгувчидирсан ва охир қилгувчи ҳам сенсан. Сендан ўзга илоҳ йўқдир .

5

Парвардигоро! Сени зикр қилишда, сенга шукр қилишда ва сенга чиройли ибодат қилишда менга мададкор бўлгин . Изоҳ: Бу ҳадисни Пайғамбар алайҳиссалом Муоз розияллоҳу анҳуга айтган эканлар. Ҳадиснинг аввалида эй Муоз мен сени яхши кўраман. Ҳар намоздан кейин мана шу дуони айтишни ташламагин деган эканлар. Уламоларнинг айтишларича бу дуо васият қилинган саҳобанинг ўзига хос эмас албатта, Балки, барча уммати Муҳаммад алайҳиссаломга тааллуқлидир.

6

Илоҳим! Мени бахиллик ва қўрқоқликдан ўзинг асра! Хорлик ҳаётидан ва дунёнинг фитнасидан ҳамда, дўзах азобидан менга паноҳ бергин . Изоҳ: Бахиллик ва қўрқоқлик иккиси ҳам ёмон хулқ эканлигида қуръони каримнинг бир неча оятларида ва ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Бу икки сифатнинг салбий таъсирлари жуда кўп бўлиб, киши ўзида шу сифат мавжудлиги туфайли вожиб амалларни комил бажара олмайди, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо этиш ҳам мушкул бўлади ва ҳақ йўлида қийинчиликларга бардош бера олмайди. Агар банда шижоатли ва сахий бўлса, бундай муаммолар унга тўсиқ бўлмайди. Ҳадисдаги ҳаётнинг хорлигидан бўлган мақсадга келсак, уламолар ҳар хил тафсирлар қилган эканлар. Бирлари бу юз ёшга кириш –десалар, бирлари кексайиб қолиб ўзини аҳволини тузатишдан ожиз бўлган ва бировларга юк бўлиб қолган кимсадир –дейдилар. Яна бирлари эса ибодатга ярамай қолган кишидир деб марҳамат қиладилар. Дунёнинг фитнаси нақадар улканлиги ҳамда дунё учун заиф банда ҳар қандай ишларга қўл уришга таёрлиги ҳаммага маълум. Ҳатто дунёсини обод қилиш йўлида динини ҳам сотишга рози бўладиганлар ҳам оз эмаслар! -Оллоҳ асрасин. Қабр азоби эса охират азобларининг энг биринчиси бўлиб, кимики бундан омонда бўлса, охиратда ҳам улкан азобдан омонда бўлиши аниқроқдир. Аммо қабр азобига гирифтор бўлган киши охиратда ҳам азобланиши эҳтимоли бор. Шунинг учун Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоздан сўнг қабр азобидан паноҳ тилар эканлар. Оллоҳ таоло барча мўъминларга паноҳ берсин.

7

Илоҳим! Мен сендан жаннатни тилайман! Ва дўзахдан паноҳ беришингни сўрайман . Изоҳ: Ҳа! мўъмин киши нафақат дунёда сиҳат саломатлигу туман-бойлик тилашга чегараланиб қолмай, балки асосий орзуси жаннатга кириш ва дўзахдан сақланиш бўлмоғи лозим. Пайғамбар алайҳиссалом дуода жаннатни сўранглар! Агар жаннатни сўрасанглар фирдавс жаннатини сўранглар! чунки у энг олий жаннатдир! -деб марҳамат қилганлар. Мўъмин киши дўзахдан паноҳ сўраши кераклиги ҳақида ҳам у зотдан кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Шунинг учун мўъминлар дуо пайтида энг муҳим ва абадий мангу неъматларни тилашдан ғафлатда бўлмай, ундай фурсатларни ғанимат билмоқликлари зарур.

8

Эй Илоҳим! Ғайбдан хабардорлигинг, яратишга қодирлигинг ила сендан тилайманки, агар ҳаёт мен учун яхши бўлса, умримни узоқ қил! Агар мен учун ўлим афзал бўлса, жонимни олгин! Парвардигоро! Мен сендан ошкору ғайбда ҳам ўзингдан қўрқишни насиб этишингни сўрайман! Розилигу ғазабда ҳам ҳақ сўзни гапирадиган бўлишни тилайман! Камбағаллигу бойликда ҳам тежамкорлик қилишни сўрайман ва туганмас неъмату, абадий шодликни беришингни сўрайман! Қазои-қадарга розилик, ўлимдан кейин эса фаровон ҳаётни тилайман! Юзингни кўриш лаззатини сўрайман! Ва зарару қайғуларсиз, адаштиргувчи фитналарсиз висолингга мушарраф бўлишни тилайман! Парвардигоро! Бизларни иймон зийнати билан зийнатлагин! Ва бизларни ҳидоятда қилиб, ҳидоятга йўлловчилардан қилгин . Изоҳ: Бу гўзал маъноларга бой ҳадисга чуқурроқ эътибор беринг! Турли-туман яхшиликларни ўз ичига олганки, агар Пайғамбар алайҳиссалом ўргатмаганларида эди, ҳеч ким бундай сермазмун сўзларни бир ўринда жамлай олмаган бўларди. Бу ҳам бўлса у зотнинг чинакам Пайғамбар эканликларига ёрқин далилдир. Валлоҳу аълам! Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан бошингларга тушган бир бало туфайли ўзларингизга ўлим тиламанглар! -деган ҳадиси шариф ворид бўлган. Ана шу ҳадиснинг давомида агар бировингиз чорасиз ўлимни тиламоқчи бўлса, агар ҳаёт мен учун яхши бўлса, умримни узоқ қил! Агар мен учун ўлим афзал бўлса, жонимни олгин! деб сўрасин! -дедилар. Чунки мусибат учун ўлимни сўраш қазои қадар масаласига тааллуқли бўлиб, гўё банда имтиҳонга сабр қила олмай Оллоҳнинг амрига рози эмаслигини ошкор этаётгандек бўлади. Оллоҳ ўзи асрасин.

9

Эй Илоҳим! Эй Оллоҳ! Мен сендан сени яккаю ягона, беҳожат - туғмаган ва туғилмаган, ҳеч ким унга тенг бўлмаган зотлигингни –васила- қилиб, гуноҳларимни мағфират қилишингни сўрайман! Албатта сен кечирувчи ва раҳмли зотдирсан .

10

Парвардигоро! Мен ҳамма ҳамдлар фақат сенгагина эканлиги, сендан ўзга илоҳ йўқ! шериксиз, яккаю ягона илоҳ эканлигингни -васила- қилиб, сендан тилайман! Эй Инъомлар соҳиби! еру осмонларни йўқдан бор қилган зот! Улуғлик ва карам эгаси! Эй Мангу тирик зот! ва бутун оламларни барпо қилиб тургувчиси! Мен сендан жаннатни сўрайман ва дўзахдан паноҳ беришингни тилайман .

11

Маъноси: Парвардигоро! Мен, фақатгина сени Оллоҳ, сендан бошқа илоҳ йўқ! сен яккаю ягона, беҳожат - туғмаган ва туғилмаган, унинг тенги йўқ бўлган зотдирсан! –деб гувоҳлик беришимни –васила- қилиб сендан сўрайман . Изоҳ: Абдуллоҳ ибн Бурайда оталаридан ривоят қиладилар. Оталари айтадиларки: Росулуллоҳ саллаллоҳ алайҳи васаллам бир одамни Парвардигоро! Мен, фақатгина сени Оллоҳ, сендан бошқа илоҳ йўқ! сен яккаю ягона, беҳожат – туғмаган ва туғилмаган, унинг тенги йўқ бўлган зотдирсан! –деб гувоҳлик беришимни –васила- қилиб сендан сўрайман деб дуо қилаётганини кўриб қоладилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом дарҳақиқат Оллоҳдан сўралса берадиган, агар дуо қилинса ижобат қиладиган исмни ўртага қўйиб сўрадинг! –дедилар.

Zaker copied