Маъноси: Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Қасво исмли туяларига миниб, Машъарил ҳаромга етиб келдилар, сўнг қиблага юзланиб, такбир, таҳлила, тавҳидлар айтиб дуо қилдилар. Дуода кўп турдилар ҳатто кун ёришиб кетишига оз қолганда, қуёш чиқишидан аввал мино томон жўнаб кетдилар. Изоҳ: Ҳадиснинг давомида ровий шундай деб марҳамат қилади: Пайғамбар алайҳиссалом Муздалифага келиб у ерда шом ва хуфтан намозини бир азон ва икки иқомат билан ўқидилар. Бу икки намоз орасида ҳеч қандай намоз ўқимадилар. Сўнг ён бошлаб ётдилар. То тонг ҳам отди. Кейин эса бомдод намозини бир азон ва бир иқомат ила ўқидилар. Кейин маркабга миниб Машъарил Ҳаром га –Муздалифадаги бир тоғнинг олдига- келдилар. У ерда қиблага юзланиб такбир таҳлил айтиб дуолар қилдилар. У ерда бу дуолар ила то осмон ёришгуча турдилар. Лекин қуёш чиқишидан олдин Мино томон тушиб кетдилар . Бу Пайғамбар алайҳиссалом қилган ибодат айнан қуръондаги Оллоҳ таолонинг мана бу буйруғи эди: Энди Арафотдан (Макка яқинидаги тоғ) тушганингиздан кейин Машъар-ул-ҳаромда Оллоҳни зикр қилинг! У зот сизларни — гарчи илгари адашганлардан бўлган эсангиз-да — ҳақ йўлга ҳидоят қилгани янглиғ сизлар ҳам у зотни эсланг — зикр қилинг!» Изоҳ: Ҳожилар Зулҳижжа ойининг тўққизинчи кунидаги иккинчи ярмида Арафот тоғида тўпланиб, Парвардигорга дуо ва тавбалар қилиб турганларидан кейин тушиб Муздалифа тоғининг этагида Машъар-ул-ҳаром деган жойда тун бўйи дуо-такбир, тавба-тазаррулар билан Тангрига муножотлар қиладилар, ҳақ йўлга ҳидоят қилгани учун шукроналар айтадилар.