Маъноси: Пайғамбар алайҳиссалом айтдиларки: Агар аҳли китоблар сизларга салом берадиган бўлсалар, сизлар уларга ва алайкум –сизларга ҳам- деб жавоб қилинглар . Изоҳ: Саҳиҳул Бухорийда Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, айтадиларки: Бир яҳудий киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларидан ўтиб қолди. Шунда у ассому алайкум! –деди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам ва алайка! –дедилар. Кейин айтдиларки: Бу нима деганини билдингларми? Саҳобалар йўқ! –дейишди. Сизларга ўлим бўлсин! –деди. Саҳобалар уни ўлдирмаймизми?-дедилар. Йўқ! агар аҳли китоблар сизларга салом берсалар ва алайкум деб жавоб қилинглар! –дедилар Пайғамбар алайҳиссалом . Саҳиҳул Бухорий ва Саҳиҳу Муслимда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. У зот айтадиларки: Яҳудлардан бир тоифа Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига кириб у зотга ассому алайкум! –дедилар. Оиша айтадилар мен буни англаб қолиб уларга ҳам ва алайкум ва лаънат! –дедим. Пайғамбар алайҳиссалом шошма эй Оиша! Оллоҳ рафиқдир ҳамма ишда рифқни –яъни юмшоқликни суяди дедилар. Мен айтдимки ё Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам нима деганларини эшитмадингизми?Пайғамбар алайҳиссалом ҳа эшитдим, шунинг учун ва алайкум –сизларга ҳам- деб жавоб қилдим! –дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом Оиша онамизнининг лаънат ҳам бўлсин! –деган сўзларини ёқтирмадилар. Чунки бу уларнинг ҳақоратидан ортиқча бўлиб қолади. Оллоҳ таоло адолатли зотдир ва ҳар бир ишда адолатга буюради.