Маъноси: Жобир розияллоҳ анҳу айтадиларки: Агар сафарда бир тепаликка кўтарилсак такбир айтар эдик. Агар пастликка тушсак тасбеҳ айтар эдик . Изоҳ: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан Пайғамбар алайҳиссалом ҳаж ва умрадан ёки ғазотдан қайтсалар, йўлда баландликка етиб келсалар, унинг устида такбирлар айтар эдилар. Пастликларда эса тасбеҳлар айтар эдилар! –деган мазмунда ривоят қилинади. Муҳаллаб айтадиларки: Баландликда такбир айтишдан бўлган ҳикмат Оллоҳ таолонинг барчадан олий эканлигини эслаш ва тасаввур қилиш бўлса керак. Пастликларда тасбеҳ айтишдан бўлган ҳикмати эса Юнус алайҳиссаломнинг қиссаларидан олиниши мумкин. Чунки у зот балиқнинг қорнида туриб тасбеҳ айтган эдилар. Яъни денгиз тубида балиқнинг қорни ост қисмида Оллоҳга тасбеҳ айтдилар. Оллоҳ таоло қуръони каримда у зот ҳақида тасбеҳ айтганликлари сабаб қутқарганини баён қилади. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом шу тасбеҳни пастликларда Оллоҳ таоло у зотни ундан нажотда қилишини ва душман етиб олмаслигини умид қилиб ижро қилгандирлар. Бошқа бирлари эса пастликларда тасбеҳ айтишларининг сабаби Оллоҳ олий бўлганлиги учун уни поклаш ниятида пастликларда тасбеҳ айтган бўлсалар керак! –дейди. Бу шарҳлар Фатҳул борий дан олинди.